18:03 / 21.09.2015
3466

Сардор Рашидов: Голларим орқали ўзбекистонлик футбол мухлисларини хушнуд этмоқчиман

Қатар Юлдузлар Лигасида давом эттираётган ўзбекистонлик ёш футболчи Сардор Рашидов 19 сентябрь куни “Ал Жайиш” клуби таркибидаги илк голини нишонлашга муваффақ бўлди.

Шундан сўнг sports.uz нашри мухбири футболчи билан боғланди ва ундан интервью олди.

Қатардаги янги жамоасига илк ўйинларданоқ тез киришиб кетган Рашидов шу руҳда давом этиши ва ўз голлари билан ўзбекистонлик мухлисларини хурсанд қилиш ниятида эканини айтди.

- Сардор, “Ал Жайиш” сафидаги дастлабки голингизни уришга муваффақ бўлдингиз. Таассуротлар қандай?
- Ростини айтадиган бўлсам, “Ал Сайлия”га қарши ўйин анча қизиқ тарзда ўтди. Қувонарли жиҳати шундаки, мазкур учрашувда мен “Ал Жайиш” таркибидаги илк голимни уришга муваффақ бўлдим. Бундан жуда ҳам хурсандман. Зеро дебют гол ҳар доим ҳам ёқимли бўлади. Бу ўйинда жамоамиз чиройли тарзда зафар қучди. Қўлга киритилган ғалабага мен ҳам оз бўлсада ўз ҳиссамни қўша олдим, деб ўйлайман. Менга билдирилган ишончни сал бўлса ҳам оқлаганимдан шодман.

- Секин-аста “Жайиш”нинг ўйин услубига мослашиб, жамоадошларингиз билан “тил топишиб” бораётган бўлсангиз керак…
- Ҳа, шундай. Аммо ҳали клубдошларим билан тўла бир-биримизни тушуниб кетдик, дея олмайман. Ҳаракат қиляпман, мураббийларнинг кўрсатмаларини бажаришга ва жамоадошларим билан яқинроқ бўлишга уриняпман. Аммо ҳали бироз вақт керак. Насиб этса, яқин орада жамоага тўла киришиб кетаман.

- Қатарда тўп суришни бошлаганингизга ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ ва эндигина иккита учрашувда ўйнадингиз. Шу икки ўйиндан келиб чиқиб, сизда Юлдузлар Лигаси тўғрисида қандай фикрлар пайдо бўлди?
- Таассуротларим фақат ижобий. Тўғри, ҳали чемпионат савияси ва ўйинлар тўғрисида фикр билдиришга эрта. Аммо ўзим ўйнаган иккита баҳсдан хулоса қилиб айта оламанки, ташкилотчилик ва ўйин атмосферасига гап йўқ. Биз футболчилардан фақат майдонга чиқиш ва ўзимизнинг нималарга қодир эканимизни кўрсатиш талаб этилади, холос.

Насиб этса, Қатар чемпионатида ҳам ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан. Қўлимдан келганча яхши ўйнаб, голлар киритиш орқали юртимиздаги кўплаб футбол мухлисларини хушнуд этишни истайман, - дейди маҳоратли ярим ҳимоячи.

Top