11:38 / 23.09.2015
3563

Сергей Лушчан "Бунёдкор" жамоаси мураббийлигидан истеъфога чиқди

20 сентябрь куни Олий Лиганинг 22-тури доирасида Фарғона шаҳрида ўтган “Нефтчи”га қарши мағлубиятли учрашувдан сўнг (0:2) “Бунёдкор” ФК бош мураббийи Сергей Лушчан истеъфо берди. Бу ҳақда "қалдирғочлар" жамоаси расмий сайти хабар берган.

"Клуб раҳбарияти унинг аризасини кўриб чиқди ва истеъфо борасидаги мурожаатни қабул қилди. Шунингдек, собиқ бош мураббийга клубда олиб борган фаолияти учун миннатдорчилик билдирилди. Айниқса, Сергей Ивановичнинг асосий жамоага бир неча ёшларни жалб этгани ва уларнинг маҳоратини оширишда катта ҳисса қўшганлиги, қолаверса турли ёшдаги терма жамоаларга қанчадан-қанча номзодларни етиштириб берганлиги алоҳида эътироф этилди.

“Бунёдкор” ФК раҳбарияти Сергей Лушчанни унинг аввалги лавозими – “Бунёдкор” футбол мактаби директорлигига қайтаришни маъқул топди", дейилади хабарда.

Маълумот учун, Сергей Иванович “Бунёдкор” ФК бош мураббийи сифатида 2014 йилнинг 3 июнидан 2015 йилнинг 22 сентябрига қадар фаолият юритди. Шу вақт оралиғида у “қалдирғочлар”га 56та учрашувда устозлик қилди. Шуларнинг 31тасида ғалаба, 9та баҳсда дуранг ва 16та учрашувда мағлубият қайд этилди. Тўплар фарқи 77-44, “Бунёдкор” фойдасига. Унинг бошчилигида “қалдирғочлар” икки бор мамлакат кубоги финалига йўлланма олишди.

Top