09:54 / 23.09.2015
4996

Тошкент вилоятида 15та сайёҳлик объектида реконструкция ишлари олиб борилмоқда

Тошкент вилояти ҳокимияти Ўзбекистон маданият ва спорт, молия, адлия вазирликлари, “Ўзбектуризм”, Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш, “Давархитектқурилиш”, “Ергеодезкадастр” давлат қўмиталари, тижорат банклари ва бир қатор бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида жойлашган 15та сайёҳлик объектида умумий қиймати 3 миллион долларни ташкил қиладиган реконструкция ишларини олиб бормоқда. 

Сайёҳлик инфратузилмасидаги меҳмонхоналар ва бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. “Янгиобод” сайёҳлик базаси фаолияти яхшиланмоқда. Паркент вилоятида “Сумча” дам олиш зонасининг инфратузилмаси реконструкцияси кўзда тутилган, бу ерда фаолият кўрсатаётган 220 ўринлик меҳмонхона мажмуаси қайта жиҳозланмоқда. Қўшимча 50 кишилик корпус барпо этилмоқда.

Ҳокимият матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Бўстонлиқ туманининг Хўжакент ва Юсуфхона қишлоқларида замонавий меҳмонхоналар қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. “Оқтош” санаторийси таъмирланди. Бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун ҳордиқ чиқариш шароитлари яхшиланди, хизмат кўрсатиш турлари кенгайтирилди.

Вилоятда агросайёҳликни ривожлантириш бўйича катта кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бўстонлиқ ва Чиноз туманида балиқ маҳсулотлари анъанавий кўргазмаси, “Чимён-экстрим” қишки ўйинлари, “Чимён садоси” экологик сайёҳлик фестивали ўтказилмоқда. Паркент туманидаги узум байрами ҳам анъанавий тус олмоқда.

ЎзА ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Оққўрғон туманидаги Шохруҳия, Ҳонқа археологик ёдгорликлари, Оҳангарондаги Саур-тепа, Шодмалик-ота, Сардоба қайнар мажмуалари, Пскент туманидаги Парпи-ота, Қирққиз, Сормозор қадамжолари ҳудуди ободонлаштирилмоқда.

Top