17:11 / 24.09.2015
4022

Шанхайда Қурбон ҳайити байрам қилинмоқда

Дунёнинг бошқа давлатлари каби Хитойда ҳам 24 сентябрь Қурбон ҳайити куни деб эълон қилинди. Мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бўлган Шанхайдаги Хio Tao Yuan масжидида эрта тонгдан хорижлик ва маҳаллий мусулмонлар жамланди. Маҳаллий вақт билан соат 8:30 да имом-хатиб Ҳожи Мусо бошчилигида ҳайит намози адо этилди. Қурбон ҳайити намозига йиғилган жамоат орасида Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва араб давлатларидан келган мусулмонларни кўриш мумкин.

– Масжидимиз Шанхайдаги мусулмонлар учун энг йирик ибодатгоҳ саналади. Бу ерга хорижий давлатлар раҳбарлари ҳам ташриф буюрган. Масжидимиз маҳаллий мусулмонлар жамланадиган маърифий маскан вазифасини ҳам бажаради. Шанхай мусулмонлар уюшмаси айнан бизнинг масжидда жойлашган, – дейди Шанхай шаҳри ҳамда Хio Tao Yuan масжиди имом-хатиби Ҳожи Мусо.

Суҳбатдошимизнинг ҳикоя қилишича, Шанхайда тахминан 200 минг мусулмон истиқомат қилади. Саккизта жоме масжид фаолият юритмоқда. Хусусан, Хio Tao Yuan масжиди 1917 йилда қурилган. 1925 йилда ибодатгоҳ ислом ва хитой меъморчилик анъаналари асосида қайта бунёд этилган. Асосий хонақоҳ ўз бағрига 500 кишини сиғдиради. Бу ерда аёллар учун ҳам алоҳида хоналар мавжуд. Шунингдек, Хio Tao Yuan масжидида бошланғич исломий мактаб ва йирик кутубхона жойлашган.

Шанхайга ислом дини Юань (1271-1368), яъни мўғул сулоласи ҳукмронлиги даврида кириб келган. Айни пайтда Хитойнинг молиявий пойтахти саналган шаҳарда мусулмонлар жамоаси кенгайиб бормоқда.

Манба: qadriyat.uz

Top