10:56 / 25.09.2015
2065

Қирғизистондаги парламент сайловларига 24,5 млн доллар ажратилди

Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини ташкил этиш учун мамлакат бюджетидан 1,6 млрд қирғиз соми (24,5 млн доллар атрофида) ажратилди. Бу ҳақда ТАСС сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссиясига асосланиб хабар берди.

МСК ходимларининг сўзларига кўра, мазкур маблағларнинг асосий қисми замонавий электрон техникаларни сотиб олишга сарфланади. “Гап электрон сайлов қутилари ва фуқароларнинг биометрик маълумотларини ҳисобловчи қурилмалар ҳақида кетмоқда, - дея қайд этилди МСКда. – Сайлов куни улар барча, жумладан, мамлакатдан ташқарида ташкил этиладиган сайлов участкаларига жойлаштирилади”.

Хабар қилинганидек, биометрик рўйхатдан ўтмаган фуқаролар сайловларда қатнаша олмайди. “Электрон сайлов қутиларидан фойдаланиш овоз бериш ниҳоясига етиши биланоқ унинг натижалари тўғрисида дастлабки маълумотлар олишга имкон беради”, - деди МСК вакили.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда парламент сайловлари 2015 йил 4 октябрда бўлиб ўтади. Айни пайтда парламентдаги депутатлик ўринлари учун 14 партия кураш олиб бормоқда. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, сайловларда амалдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг Социал-демократлар партияси, шунингдек, “Ата Мекен” социалистлари ва “Бир бол” партияси вакиллари етакчилик қилади.

Top