Қозоғистонлик чегарачилар томонидан Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасининг “Оазис” чегара пункти ҳудудида Қозоғистон давлат чегараси чизиғидан 4 км узоқликда Ўзбекистондан келаётган “КамАЗ-5320” русумидаги юк машинаси тўхтатиб қолинди, деб хабар бермоқда Қозоғистон чегара хизмати матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда Zakon.kz нашри.
“Юк машинаси текширилганда унда артемия қисқичбақалари личинкалари солинган, умумий оғирлиги 21 тонна бўлган 600 та қоп аниқланди. Дастлабки баҳолашларга кўра, юкнинг нархи 84 млн тенгени ташкил қилади. Юк машинасининг 55 ёшли ҳайдовчиси нафақат юк учун ҳужжатларни, балки ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим қила олмади”, дейилмоқда хабарда.
Ушбу ҳолат ҳақида ҳуқуқ-тартибот муассасаларига хабар берилди.