10:33 / 25.09.2015
5292

Самарқандда такси ҳайдовчиларига махсус хизмат либослари тарқатилди

Самарқанд шаҳри аҳолиси ва меҳмонларининг йўловчи транспортларидан хавфсиз фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, соҳада хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан бир қатор текширувлар ўтказилмоқда.

Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, “Ўзавтодарётранс” агентлиги вилоят бўлими, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган рейдлар натижасида қатор қонун бузилишлари аниқланди.

Жумладан, 330 нафар ҳайдовчининг ортиқча йўловчи ташигани, лицензиясиз фаолият кўрсатгани ёки лицензия талабларига риоя қилмагани аниқланди. Ҳисоб терминаллари ва назорат- касса техникаларисиз 348, таксометрсиз 62, радиоалоқасиз 42, ҳайдовчи суғуртасисиз 84 нафар таксичи фаолият олиб боргани ошкор бўлди, 4 ҳайдовчи эса алкогол маҳсулотлари таъсирида автомобиль бошқарган. Аниқланган барча ҳолатлар бўйича зарур чоралар кўрилган.

Шунингдек, мазкур тадбирлар давомида ҳайдовчиларга йўловчилар билан мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, ташқи кўринишини озода тутиш, бошқарувидаги автомобилнинг носоз ва антисанитария ҳолатида бўлмаслигини таъминлаш борасида тушунтиришлар олиб борилди.
“8 Март” МЧЖ тикув фабрикасида автобус ва такси ҳайдовчилари учун махсус хизмат либоси тайёрланиб, тарқатилди.

Top