06:15 / 26.09.2015
4618

ОАВ: Бразилия суди Неймарнинг 48 млн долларлик ҳисоб рақамини музлатиб қўйди

Бразилия суди футбол бўйича миллий терма жамоа ўйинчиси Неймар ва унинг оиласи аъзоларини солиқ тўламасликда гумон қилиб, уларнинг банкдаги ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Correio Brasiliense нашри маълум қилди. Нашрнинг маълумотларига кўра, гап 188,8 млн бразилия реали (48 млн доллар атрофида) қийматидаги воситаларнинг тўсиб қўйилиши ҳақида кетмоқда.

Неймар 2011-2013 йиллар давомида солиқ тўламаганликда айбланмоқда. 2013 йилда Неймар “Сантос”дан “Барселона”га ўтган. Карлос Мута исмли суд ҳаками футболчининг ҳисоб рақамларини музлатиб қўйишга қарор қилди. Текширувчи муассасаларнинг фикрича, Неймар солиқ декларациясида бойлигини 19,6 млн реал (5 млн доллар) қилиб кўрсатган, аслида эса бу қиймат унга тегишли мул-мулкнинг фақатгина 8 фоизинигина ташкил қилади.

Неймарнинг номи яна бир шов-шувли ишда тилга олинмоқда. “Барселона” раҳбарияти ва клубнинг собиқ ва амалдаги президентлари Сандро Россел ва Хосеп Бартомега футболчининг клубга ўтиши пайтида 13 млн евро миқдорида солиқ тўламаганлик бўйича айблов қўйилди.  

Дастлаб Россель Неймар клубга 57,1 млн еврога ўтганини айтган, бироқ кейинроқ клуб раҳбарияти футболчи билан қўшимча шартномалар мавжудлигини тан олган. Футболчининг отаси эса трансфернинг ҳақиқий баҳоси сифатида 100 млн евро атрофидаги суммани айтган.

Top