19:50 / 26.09.2015
9521

Саудия Арабистони муфтийси: ҳажда тиқилинчнинг олдини олишнинг имкони йўқ эди

Саудия Арабистонининг олий муфтийси Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ал-Шайҳ 24 сентябрда ҳаж давомида юзага келган тиқилинчнинг олдини ҳеч ким ололмаган бўларди, деб айтди.

Муфтий мамлакат ички ишлар вазири, ҳаж бўйича қўмитага бошчилик қилувчи валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Найаф билан 25 сентябрдаги учрашуви давомида шаҳзоданинг фожиа учун жавобгар эмаслигини айтди.

“Сиз бўлган фожиа учун жавобгар эмассиз. Одамзот ўз назоратида бўлмаган нарса учун жавобгар бўла олмайди. Тақдирдан қочишнинг иложи йўқ”, деб айтди муфтий шаҳзодага.

Эрон ва баъзи бошқа давлатлар Саудия Арабистони ҳукуматини зиёратчилар учун талаб даражасидаги хавфсизликни таъминлай олмаганликда айбламоқдалар. Жумладан, фожиада 131 нафар эронлик ҳалок бўлди.

Ўз навбатида, Нигерия Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирининг зиёратчилар берилган йўриқларга амал қилмаганлари ҳақидаги сўзларини инкор этди.

Ҳаж давомида бундай кўп сондаги ўлим ҳолатлари 25 йилдан бери кузатилмаётган эди.

Қирол Салмон Макка ва Мадинада барча хавфсизлик чораларини тергов килишга буйруқ берди.

Саудия Арабистони халқаро майдонда ўзини ислом дини ҳимоячиси ва иккита муқаддас қадамжо – Макка ва Мадинанинг қўриқчиси сифатида намоён қилади. Саудия Арабистони қироли “Икки қадамжо қўриқчиси” деган расмий унвонга ҳам эга.

Охирги 9 йил ҳаж катта талофатларсиз ўтаётган эди. Саудия Арабистони Макка ва Мадинадаги инфратузилма ва хавфсизликни яхшилаш учун катта миқдорда маблағлар сарфлади.

Маккадан тахминан 5 км узоқликдаги 46 градуслик ҳароратда, Мино водийсида Жамарот амалга ошириладиган жойга кетаётган зиёратчиларнинг икки оқими кўприкда учрашишлари оқибатида тиқилинч юзага келган. Тиқилинч оқибатида 717 зиёратчи ҳалок бўлди, 900 га яқини жароҳат олди.

Top