15:01 / 26.09.2015
9937

Тожикистон Бош прокуратураси: Назарзода ўз нияти учун 5 йил тайёргарлик кўрган

Тожикистон Мудофаа вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Абдухалим Назарзода ҳарбий исён учун 2010 йилдан бери тайёрланиб келган. Бу маълумот мамлакат бош прокураси томонидан айтилди.

Шу ишни текшираётган прокуратура томонидан маълум қилинишича, Назарзода 2010 йилдан 2015 йилнинг августига қадар Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Муҳиддин Кабирий билан ҳамкорликда 300 нафардан ортиқ кишини ўзида жамлаган 20дан ортиқ жиноий тўдаларни тузган ва уларга ойига камида 100 доллардан маош бериб турилган.

Бундай тўдалар таркибига асосан Мудофаа вазирлигининг собиқ ҳарбий хизматчилари аъзо бўлишган.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Тожикистон бош прокуратураси исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзодани давлатга хиёнат қилганликда ва террорчиликда айблаганди.

Маълумот учун, исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётлар чоғида 25 нафар исёнчи ўлдирилган ва 139 нафари қўлга олинган. Уларнинг 28 нафари оддий кишилар ёрдамида тутилган.

Шунингдек, антитеррор амалиётлар вақтида ҳуқуқ тартибот органларининг 14 нафар ходими ҳалок бўлган.

Top