15:13 / 27.09.2015
4539

Меркель: Германия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлишни истайди

Германия канцлери Ангела Меркель 26 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибини ислоҳ қилиш таклифи билан чиқди.

Унинг фикрига кўра, кенгаш таркибини ўзгартириш орқали унинг таъсирчанлигига эришиш мумкин бўлади.
"Бизга янги ишлаш услублари ва муаммоларни ҳал қилишда янгича ёндашувлар керак", деди Меркель хоним БМТнинг 70-сессияси доирасида Бразилия, Ҳиндистон ва Япония давлатлари вакиллари билан учрашув чоғида.

"Айни вақтда Хавфсизлик кенгашининг ҳозирги фаолиятидан норозилигини билдирган томонлар тўрттани ташкил қилади. Лекин Германия, Бразилия, Ҳиндистон ва Япониядан ташқари бошқа мамлкаталар ҳам кенгашнинг ишидан рози эмас. Биз БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши 21 асрга мос бўлиши керак, деб биламиз", деб қўшимча қилди у.

Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгашига 15 аъзо киради, шундан 5та давлат вакиллари доимий аъзолар ҳисобланишади (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция). Доимий аъзоларнинг ҳар бири вето ҳуқуқи ва Хавфсизлик кенгашининг исталган қарорини бекор қилиш имконига эга ҳисобланади.

Германия ва Япония БМТ ХК таркибида АҚШдан кейинги 2 ва 3-ўринда турувчи донорлар ҳисобланишади. Улар ўзларини ХКнинг доимий аъзоси бўлиш учун муносиблар сифатида доимий равишда ўзларининг шу истакларини билдириб келишмоқда. 2004 йилда бу икки давлатга Ҳиндистон ва Бразилия ҳам қўшилган ва кенгаш ичида "Тўртлар гуруҳи" (G4) пайдо бўлганди.

2014 йилда махсус гуруҳ тузилган ва бу гуруҳ БМТнинг ХК таркиби бўйича сўровнома ва тадқиқотлар ўтказиб, изланишлар олиб бормоқда. Охирги марта БМТ ХК таркибида 1963 йилда ўзгариш бўлган, ўша йили аъзолар сони 11тадан 15тага оширилганди.

Top