Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти прокуратураси маҳаллий туғруқхоналардан бирида чақалоқларнинг сотилиши бўйича жиноий иш очди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар тарқатди.
Манбанинг ёзишича, қирғизистонлик фуқаро янги туғилган чақалоғини туғруқхона ходимлари билан келишган ҳолда Россия фуқаросига 50 минг қирғиз сўмида сотган. Туғруқхона шифокорлари эса мазкур чақалоқ бўйича қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб берган.
Ҳозирги вақтда мазкур жиноий иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.