20:48 / 28.09.2015
2861

Пан Ги Мун: Муҳожирлардан ҳимояланиш учун деворлар қуриш 21 асрга ярашмайди

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Европа Иттифоқи давлатларини муҳожирларга янада фаол равишда ёрдам беришга ва уларнинг йўлини тўсиш учун деворлар қурмасликка чақирди.

"Мен Европадаги давлатларни муҳожирлар муаммоси бўйича янада кўпроқ иш қилиш ва бутун дунё бўйлаб нажот излаб саргардон кезаётган одамларга ёрдам кўрсатишга чақираман.

Бизнинг ҳаракатимиз инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг бир қисми сифатидагина эмас, шунчаки меҳрга муҳтож бечораларга ёрдам кўрсатиш бўлиши керак. 21 аср кишиларига бошқа кишиларни ўз ҳудудларига киритмаслик учун деворлар қуриш ва тўсиқлар ўрнатиш ярашмайди", дейди Пан Ги Мун.

У ўз нутқида 30 сентябрь куни муҳожирлар масаласида олий даражадаги учрашув ўтказилиши ҳақида эслатиб ўтди.

Қайд этиш керакки, айни вақтда муҳожирлар масаласида ЕИ таркибида икки хил қарашлар мавжуд. Баъзи давлатлар муҳожирларни ўз чегараларидан ўтказишни истамаяпти. Хусусан, Венгрия Сербия билан чегарасида шу мақсадда девор қуриш учун 200 млн евро сарфлаб бўлди. Бу деворнинг 175 кмлик қисми қуриб бўлинган. Венгрлар Руминия ва Хорватия бидан чегараларда ҳам шундай деворлар қуришни мақсад қилишган.

Пан Ги Мун ўз чиқишида Суриядаги можароларга ҳам эътиборини қаратиб, бу вазиятни ҳал қилиш АҚШ, Россия, Саудия Арабистони, Эрон ва Туркиянинг ҳаракатларига боғлиқ эканлигини таъкидлади.

У шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия ва Украинадаги вазиятнинг барқарорлашувида томонлар билан ҳамкорлик қилишига умид билдирган.

Top