18:20 / 29.09.2015
2957

ФИФАнинг собиқ вице-президенти бир умрга футболдан четлаштирилди

Халқаро футбол федерациялар Ассоциациясининг (ФИФА) собиқ вице-президенти Жек Уорнер мазкур спорт туридаги фаолиятидан бутун умрга четлаштирилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар қолдирилган.

«Уорнер ФИФА ва КОНКАКАФ минтақасининг расмий вакили сифатида бир неча маротаба қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйган. Футбол мансабдори сифатида ноқонуний пул муносабатларида асосий роллардан бирини бажарган», — дейилади ташкилотнинг ахлоқ қўмитаси тергов палатаси ҳисоботида.

АҚШ ҳукумати фибиргарлик, товламачилик ва пул ювиш каби бир қатор жиноятларни содир этишда айбланаётган Уорнернинг Америкага экстрадиция қилиниши бўйича эшитуви 2 декабрь куни ўқиб эшиттирилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 май куни АҚШ берган баёнот асосида ФИФАнинг 14 нафар аъзоси коррупцияда айбланиб, ташкилотнинг Цюрихдаги офисида ҳибсга олинганди. АҚШ Адлия вазирлиги берган ахборотга кўра, улар 24 йил ичида жами 150 миллион доллар атрофида пора олишган.

Маълумот учун, Уорнер Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол Конфедерациясини (КОНКАКАФ) 1990 йилдан 2011 йилга қадар бошқариб келган. ФИФА вице-президенти сифатида эса Уорнер 1997-2011 йиллар давомида фаолият кўрсатган.

Top