11:25 / 29.09.2015
5431

NASA олимлари Марсда суюқ ҳолдаги сув топишди

Америкалик тадқиқотчи олимлар Марс сайёрасида суюқ ҳолатдаги сув борлигини аниқлашди. Бу ҳақида NASA олимлари 28 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишди.

Nature Geoscience журналида нашр қилинган мақолада айтилишича, олимлар Марс сайёрасининг юза қисми олинган суратларни ўрганиш вақтида у ердаги кратерларда ҳаракатланаётган сув оқимига дуч келишган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу оқимлар ёз фаслида янада кенгайиб, қиш вақтида қисқаради. Суратлар Mars Reconnaissance Orbiter сайёралараро станцияси ёрдамида олинган. Ушбу станцияда Compact Reconnaissance Imaging Spectrometer for Mars (CRISM) қурилмаси ва High Resolution Imaging Science Experiment (HiRISE) камераси ўрнатилган.

Бундан ташқари, олимлар Марсдаги сув таркибида туз элементлари борлигини ҳам аниқлашган.

Шундай бўлса-да, олимлар Марсда сув қаердан пайдо бўлиши борасида аниқ гап айта олишмаган.

Тахмин қилинишича, бу сув Марс қаъридаги музликлардан пайдо бўлади ёки атмосферада ҳосил бўлади.

Қайд этиш керакки, ушбу сайёрада оби ҳаётнинг борлиги ҳақида сўнгги йилларда жуда кўп марта фикрлар, маълумотлар бериб келинади.

Бироз олдинроқ, Марсда яшаб қолиш лойиҳасига старт берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Top