16:40 / 29.09.2015
3970

Ямандаги тўй маросими устига ҳаводан зарба йўлланиши туфайли ҳалок бўлганлар сони 131 нафарга етди

28 сентябрь куни Яманнинг жануби-ғарбий ҳудудида бўлиб ўтаётган тўй маросими устига ҳаво зарбалари йўлланиши натижасида ҳалок бўлганлар сони 130 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда БМТ хабар берган.

Аниқлик киритилишича, ракета зарбалари тўй чодирларига қарата йўлланган.

Хабарлардан маълум бўлишича, бу никоҳ маросими Яманнинг ал-Вахга ҳудудида бўлиб ўтаётган, куёв ҳусийчиларга алоқадор шахс бўлган.

Халқаро коалицияга бошчилик қилаётган Саудия Арабистони бу ҳужумга алоқдорлигини инкор қилган.

Бундан олдинроқ, ушбу ҳужум коалиция самолётлари томонидан хатолик туфайли амалга оширилгани хабар қилинганди.

Бу воқеа Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессияси бўлиб ўтаётган вақтда рўй берди.

Ташкилот бош котиби Пан Ги Мун сессия доирасидаги ўз чиқишида Ямандаги можаро томонларини сулҳ тузишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Яманда 1 йилдан буён фуқаролик уруши давом этмоқда. Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари 26 март кунидан бошлаб Яман ҳудудида қонуний ҳукумат манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, исёнчиларнинг объектларига ҳаво зарбаларини амалга ошириб келмоқда.

Айни вақтда мамлакат пойтахти иккига бўлиб олинган, қонуний президент Мансур Ходий Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддан қўним топган.

БМТ маълумотларига кўра, бу можаролар туфайли шу пайтгача 4,5 минг киши (шундан 2110 нафари тинч аҳоли вакили) қурбон бўлган.

Top