21:27 / 30.09.2015
2469

Ўзбекистонда 2015 йилнинг биринчи ярмида 441,8 минг кишининг иш билан бандлиги таъминланди

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Унда депутатлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг "2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши тўғрисида"ги ахборотини эшитишди. Парламент эшитуви Парламент қуйи палатаси депутатларининг ўз сайлов ўкругларида олиб борган фаолияти натижаларига асосланган ҳолда, Халқ демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилди.

Эшитув давомида 2015 йилда йирик обектларни ишга тушириш, вақтинча ишламаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклаш, кичик корхоналар ва микрофирмаларнинг ривожланиши, касаначилик ва оилавий тадбиркорликнинг кенгайиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва таер махсулотлар ишлаб чиқаришнининг ривожлантирилиши каби йўналишларда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашга доир кенг ахборот тақдим этилди.

Унга кўра Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 441.8 минг кишининг бандлиги таминланди. Шундан иш ўринларининг 62,2 фоизи қишлоқ жойларида яратилди.

Бандлиги таъминланганларнинг катта қисми Самарқанд, Фарғона, Тошкент Қашқадарё, Бухоро, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Дастур бажарилиши ҳолати юзасидан ахборотни батафсил муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фраксиялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари ўз муносабатларини билдиришди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидлашича, ҳукумат томонидан тижорат банклари ва корхоналар билан биргаликда иш жойларининг ҳисобини ва мониторингини юритиш, ишсиз аҳоли, биринчи навбатда ёшларни янги иш ўринларига жойлаштириш борасида аниқ чора-тадбирлар ва тизимли ишлар амалга оширилган.

"Миллий тикланиш" демократик партияси фракциясининг вакиллари ҳисобот даврида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига мос равишда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш асосида 118 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилганини алоҳида таъкидлашди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари эса ҳар йили ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини сифатли тайёрлаш ва бандлигини таъминлашга оид 3 йиллик ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши масаласига эътибор қаратди. Таъкидландики, мазкур жараёнда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш лозим.

"Адолат" социал-демократик партияси фракцияси аъзолари ахборотда 2015 йилда ҳудудлар ва йўналишлар бўйича 261.6 мингта иш ўрни ташкил этиш ҳамда 725,9 минг кишининг - жами 987,5 минг кишининг бандлигини, шу жумладан касб-ҳунар коллежларининг 487,7 минг нафар битирувчиси ва 409,5 минг нафар меҳнат мигрантларини ишга жойлаштирилишини таъминлаш борасида олиб борган ишларни ижобий баҳоладилар.

Муҳокама жараёнида баён этилган фикр мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий мажлис Қонунчилик палатаси "2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши тўғрисида"ги ахборотини маълумот учун қабул қилди.

Top