14:34 / 30.09.2015
6781

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2006 йилдан 2014 йил 1 сентябргача 12 бараварга оширилди

Юртимизда педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича изчил амалга оширган ишлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2006 йил 1 сентябрдан 2014 йил 1 сентябргача 12 бараварга оширилиб, устама ва қўшимчалар билан бирга ўртача иш ҳақи 1 млн. 235 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган 1 октябрь – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан “Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан тизимда фаолият кўрсатаётган фидоий, жонкуяр ва ўз касбининг устаси бўлган изланувчан педагогларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилмоқда.

Жумладан, қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устамалар тўлаб келинмоқда.

Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчиларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида - лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида - лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар тўлаб келинмоқда.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, концертмейстерлари ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари 2012 йил 1 январдан бошлаб 20 фоизга оширилди.

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб халқ таълими тизимидаги методистлар иш ҳақи миқдорлари 1,5 бараварга ошириб тўланмоқда.

Top