21:05 / 01.10.2015
42837

Xabardor.uz: Жаннат ва дўзах ҳақида ривоят

Бир инсон Тангрининг жамолини кўришга муяссар бўлибди. У Яратганга дебди:

– Мен жаннат ва дўзахни кўришни истайман.

Худо уни икки эшик олдига олиб келибди. Биринчи эшик ортида улкан думалоқ стол бўлиб, унинг ўртасида ҳиди иштаҳани қитиқлайдиган овқат тўла катта идиш қўйилган экан. 

Стол атрофида ўтирган одамларнинг кўриниши абгор бўлиб, улар очликдан силлалари қуриб қолган экан. Уларнинг барчасининг қўлига узун қошиқлар боғланган экан. Стол атрофидагилар идишдаги овқатни қошиққа олишлари мумкин экан, лекин қошиқ узунлиги боис уни оғизларига тўғрилай олишмас экан. Бояги киши уларнинг бу ҳолатидан қаттиқ таъсирланибди.

– Бу дўзах, – дебди Худо.

Ҳалиги киши иккинчи эшикдан ичкарига кирибди. Бу ерда ҳам худди шундай стол ва ширин таом тўла идиш бор экан. Бу ердаги одамлар ҳам қўлларига қошиқ боғланган ҳолда стол атрофида ўтиришган экан. Бироқ уларнинг ҳаммаси қоринлари тўқ, хурсанд ҳолда эканлар.

– Тушунолмаяпман, – дебди бояги киши.

– Бу жуда оддий, – дебди Тангри. – Бу одамлар бир-бирларига яхшилик қилишади, яъни ўз қошиқлари билан бир-бирларини тўйдиришади. Шунинг учун уларнинг ҳаммалари тўқ ва бахтли. Дўзахдаги одамлар эса фақат ўзлари ейишни ўйлашади. Шу бахилликлари учун ҳам уларнинг бари оч ва абгор. 

Хулоса: ҳамма ўз феълига ярашасини олади.

Манба: xabardor.uz

Изоҳ: Бу халқ орасидаги бир ривоят ва ўз-ўзидан ривоят учун далил сўралмасин.

Top