12:54 / 01.10.2015
10236

Ўзбек олимлари ишлаб чиққан заҳарли ем-хўрак «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги термитларни батамом қириб ташлади

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтининг энтомология ва микология лабораторияси мутахассислари томонидан термитга қарши курашишга мўлжалланган заҳарли ем-хўрак учун иккита патент олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти директори ўринбосари Б.Холматов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига тақдим мақоласида маълум қилди.

Мақолада келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтининг энтомология ва микология лабораторияси мутахассислари термитга қарши курашиш учун аралаш, яъни таркибида кимёвий модда ва патогенлар бўлган ем-хўракдан фойдаланди.

Термитоцид қўшимчалар жуда оз миқдорда, яъни бошқа инсектицидлар учун қабул қилинган нормадан бир неча юз баробар кам фойдаланилган. Мазкур услуб атроф-муҳит мусаффолигини асрашга ёрдам беришдан ташқари термитни ҳам аста-секин заҳарлайди. Бошқача айтганда, битта ишчи термит еган ёки олиб кетган овқат бошқа ишчи термитлар, нимфалар, солдат термитлар ва пировард натижада личинкалар ҳамда балоғатга етган зараркунандаларга таъсир кўрсатади.

Олимларимиз қўллаган ва фақат термитлар учун мўлжалланган, таркибида касаллик қўзғатувчи замбуруғ ва бактериялар мавжуд биологик агентлар экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан у қадар заҳарли эмас. Улар бошқа турдаги ҳашаротларга таъсир кўрсатмайди, фақат термитларга қирон келтиради.

2014 йил Хивадаги ёғоч устунлари ва шифтларини термит емирган «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси мачитида шундай ем-хўрак синаб кўрилгач, бу ерда термит ғумбаклари аста-секин камайди ва айни пайтда янги ғумбаклар пайдо бўлмаяпти. Пол остида ҳам термит йўқолди.

Кузатувлар бундай ем-хўрак дала шароитида ҳам самарали эканини тасдиқлади. Бундан ташқари, улар атроф-муҳитга зарар етказмайди. Негаки, қўлланилаётган агентлар термитга қарши юқори даражада таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Бундай ем-хўракдан фойдаланилганда қурилиш материалларига инсон саломатлигига таъсир қиладиган турли кимёвий препаратлар билан ишлов беришга ҳожат қолмайди.

Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракат дастурига мувофиқ, аҳоли пунктлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик объектлар, ишлаб чиқариш ва бошқа бино ҳамда иншоотларга катта зарар етказадиган термитга қарши курашиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Масалан, Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтининг энтомология ва микология лабораториясида термитга қарши ем-хўракларнинг таъм берувчи таркиби такомиллаштирилмоқда, термитнинг ўзини тутишига таъсир қилувчи феромонсимон бирикмалар текширилмоқда, ҳашаротлар етилишини издан чиқарадиган ўсиш гормонлари тадқиқ этилаётир, термитни ўзига яқинлаштирмайдиган репеллент ўсимликлар аниқланди. Бу, ўз навбатида, иншоотларни ҳимоя қилиш бўйича профилактика асосларини яратиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Top