18:13 / 02.10.2015
16404

Россия самолётлари жойлашган Латақия аэродромидан фоторепортаж тайёрланди

Икки кундан буён Россия ҳарбий самолётлари Сурияда ҳарбий операцияни амалга оширмоқда. Уларнинг асосий базаси Латақия шаҳри яқинида жойлашган. “Россия сегодня” ахборот агентлиги ушбу авиабазадан фоторепортаж тайёрлади.

Россия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 2 кун ичида ўндан ортиқ нишон йўқ қилинган бўлиб, булар орасида қўмондонлик пунктлари, омборлар, портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводлар ва алоқа йўналишлари бор.
Россия ҳаво космик кучларининг бу ердаги гуруҳи таркиби 50та самолёт ва вертолётдан иборат. Шу пайтгача ҳарбий идора вакиллари операцияларда Су-34, Су-24М ва Су-25лар иштирок этганини тасдиқлади.

Бундан ташқари, амалиётларга космик разведка воситалари ҳамда дронлар жалб қилинган. Ҳмаймим авиабазасида муҳандислик-аэродром, аэродром-техник ва бошқа таъминот тизимлари жорий қилинган.
Замонавий техника ИШИД позициялари бўйлаб аниқ зарбалар бериш имкониятини яратмоқда. “Бизнинг қуролларимиз энг замонавий ва аниқ. Тинч аҳоли ва фуқаролик инфраструктурасига зиён етказилмайди”. – деб ишонтирди идора вакили. Ер усти операцияларини Сурия армияси амалга оширади.

ИШИД ҳарбий инфраструктураси, Россия мудофаа вазирлиги қошидаги жамоат кенгаши аъзоси Игорь Коротченконинг фикрича, 3-6 ой ичида бутунлай йўқ қилиниши мумкин. Тартус ва Латақиядаги Россия қисмларида мавжуд бомбалар, бошқарилувчи ракеталар ва ёқилғи захиралари ғалабани таъминлаб беради.

ИШИДга қарши кураш ишини мувофиқлаштириш учун Ироқ пойтахти Бағдодда махсус марказ ташкил этилди. Унда Сурия, Россия ва Эрон вакиллари ишламоқда.
Россия ва АҚШ ҳарбий идоралари авиациянинг Сурия осмонида хавфсиз учиши масаласида музокаралар юритмоқда.

Top