07:19 / 05.10.2015
3140

Брендан Рожерс "Эвертон" билан дурангдан кейин истеъфога чиқарилди

4 октябрь куни "Эвертон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги (2:2) "Мерсисайд дербиси" якунланганидан кўп вақт ўтмасдан "Ливерпуль" жамоаси расмий сайтида бош мураббий Брендан Рожерс билан шартнома тўхтатилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Бу қарор ўша заҳоти кучга кирган ва Рожерс Анфилд ҳудудини тарк этган.

"Биз Брендан Рожерсга унинг жамоа билан оғир даврларда бирга бўлгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Бу қарорга келиш қийин бўлди, лекин биз шу йўл орқали янги муваффақиятларга эришишимизга ишонамиз", дейилади раҳбарият мурожаатида.

Маълумот учун, шимолий ирландиялик мутахассис Брендан Рожерс 2012 йилда жамоа бош мураббийлигига келган, жамоа АПЛда унинг раҳбарлигида шу вақтгача 122та ўйин ўтказиб, шундан 63тасида ғалаба, 30тасида дуранг, 29тасида мағлубият қайд этганди. У "Ливерпуль" билан 2013-2014 йиллар мавсумида АПЛда 2-ўринни эгаллаганди.

Унинг жамоа билан шартномаси 2018 йилгача тузилганди.

"Ливерпуль" янги мавсумда унинг бошқарувида ўтказилган 8та ўйинда 3тасида ғалаба, 3тасида дуранг ва 2тасида мағлубият қайд этган ҳолда, 12 очко билан турнир жадвалининг 10-ўринида жойлашган.

Айни вақтда "Ливерпуль" раҳбарияти янги бош мураббий изламоқда. Бу ўрин учун асосий давогар сифатида Юрген Клопп номи тилга олинмоқда.

Top