11:14 / 05.10.2015
5710

Бугун Тошкентда "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик кўргазмаси иш бошлайди

Тошкент шаҳрида 5-7 октябрь кунлари XXI "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтади. Жорий йилда "Ипак йўлида туризм - 2015" экспозициялари замонавий Ўзбекистон кўргазма комплексининг 2 минг квадрат метрли 1- ва 2- павильонлари ҳамда ёзги очиқ майдонда намойиш этилади.

Мазкур павильонларда етакчи сайёҳлик фирмалари, меҳмонхона комплекслари, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ҳудудий бўлимлари ва турли мамлакатларнинг сайёҳлик соҳасида фаолият олиб борувчи хусусий компаниялари ўз сайёҳлик дастурларини намойиш этишади, дея хабар бермоқда “Ўзбектуризм” МК матбуот хизмати.

Мазкур тадбирда 700дан зиёд компаниялар, жумладан, сайёҳлик ташкилотлари, меҳмон уйлари, меҳмонхона ва меҳмонхона тармоқлари, авиакомпаниялар, Доминикан Республикаси, Малайзия, Сингапур, Қозоғистон, Тожикистон, БАА, Туркия, Латвия, Словакия, Ҳиндистон, Таиланд, Туркманистон, Франция, Хитой, Испания, Вьетнам сингари турли давлатларнинг суғурта компаниялари иштирок этади.

Кўргазма доирасида миллий сайёҳлик маҳсулотларининг профессионал харидорлари учун “Hosted Buyers” дастури, В2В шаклидаги бизнес-учрашув, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Маданий меросни сақлаш ва унинг Ўзбекистон туризмидаги улуши” мавзусида Халқаро конференция ташкил этилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 7000 дан зиёд тарихий, меъморий ва археологик обидаларга эга. Уларнинг кўпчилиги Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларида жойлашган.

Уларнинг 140 таси ЮНEСКО томонидан муҳофаза қилинадиган тарихий ёдгорликлар қаторига киритилган.
Юртбошимиз ташаббуси билан 1995 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган "Ипак йўлида туризм" номли Тошкент халқаро сайёҳлик кўргазмаси етук мутахассислар томонидан илғор халқаро тадбир сифатида баҳоланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан эътироф этилди.

Top