21:52 / 06.10.2015
5512

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Баҳрайнга етиб келди

Тошкентдан Баҳрайн пойтахтига 4 соатлик парвоздан кейин футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Манамага етиб келди. 8 октябрда Манамада Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасида 2018 йилги Жаҳон чемпионати ва 2019 йилги Осиё кубогининг бирлашган саралаш учрашуви бўлиб ўтади.

Ўзбекистон терма жамоаси матбуот котиби Санжар Ризаевнинг хабарига кўра, терма жамоамиз бугуноқ ўзининг биринчи машғулотини ўтказади.

"Бугун, 6 октябрда тахминан соат 10 ларда миллий терма жамоамиз делегацияси чартер рейси билан Баҳрайнга учиб кетди. 4 соатлик парвоздан кейин жамоа Манамага етиб келди ва меҳмонхонага жойлашди. Айни пайтда Манамада куннинг ярми бўлиб, ҳарорат 38 градус иссиқни ташкил қилмоқда.

Баҳрайн билан учрашув маҳаллий вақт билан 18:00да (Тошкент вақти билан 20:00да) бошланади. Буни ҳисобга олиб, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби бугунги машғулотни айнан шу вақтда ўтказишга қарор қилди", деб маълум қилмоқда Санжар Ризаев.

Ўзбекистон футбол федерацияси маълумотларига кўра, 19 ёшгача Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентдаги "Жар" стадионида 14 ва 16 ноябрь кунлари Беларусь (U-19) ўсмирлар терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Top