16:51 / 06.10.2015
4914

Ўзбекистон ҳаж миссияси махсус ташаккурнома билан тақдирланди

Шу кунларда Ўзбекистондан Саудия Арабистонига борган ҳаж зиёратчиларининг сафарлари ниҳоясига етмоқда.

"Таъкидлаш жоизки, ҳаж зиёратининг барча босқичлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг бошчилигида ҳамда республикадаги бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда", дейилади Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати хабарида.

Ўзбекистон ҳожиларининг зиёратлари ташкилий жиҳатдан юқори даражада амалга оширилаётгани Саудия Арабистонининг ҳаж ишларига маъсул бўлган ташкилотлари томонидан эътироф этилмоқда. Ушбу мамлакатда хорижий давлатлардан келган зиёратчиларнинг Подшоҳлик ҳудудида ҳаж амалларини амалга оширишига бевосита мутасадди бўлган, ягона бошқарув тизимига эга олтита муассаса мавжуд.

Марказий Осиё республикалари, жумладан, Ўзбекистон «Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожиларининг тавоф муассасаси» таркибига киради. Мазкур муассаса қайд этилган минтақалардан келган ҳаж миссиялари (ишчи гуруҳлари) билан ҳамкорлик қилган ҳолда ҳожиларни Мадина ва Макка шаҳарлари, Мино водийсида кутиб олиш, кўчириш ва кузатиш, шунингдек, ҳаж амалларини бажаришларини мувофиқлаштириш, кўмаклашиш ва назорат қилиш ишларини амалга оширади.

Куни кеча мазкур муассаса Ўзбекистон ҳаж миссияси томонидан жорий йилда амалга оширилаётган ташкилий ишларни юқори баҳолаб, муассасанинг махсус ташаккурномаси билан тақдирлади. Таъкидлаш жоизки сўнгги йилларда муассасанинг бундай мукофоти саноқли мамлакатларнинг ҳаж миссияларига тақдим этилган.

Top