08:56 / 06.10.2015
4349

Сўровнома: 72 фоиз респондентлар Ўзбекистонда сайёҳлар учун мақбул нархлар мавжудлигини таъкидлаб ўтдилар

2014 йилнинг охирида БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг "Ипак йўли мероси йўлаклари" лойиҳаси доирасида ижтимоий тадқиқотлар ўтказилиб, "Ўзбекистон сайёҳлар нигоҳида. Ўзбекистонга ташриф буюрганлар ўртасида 2014 йилнинг иқтисодий кўрсаткичлари бўйича ўтказилган сўровнома натижалари" деб номланган нашр чоп этилди.

Тадқиқот "Ўзбектуризм" МК ва ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Сўровнома "Тошкент" халқаро аэропорти, "Ғишткўприк" ва "Олот" назорат-ўтказиш пунктлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива меҳмонхоналари фронт-офисларида ўтказилиб, у Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Урганч давлат университети ва Бухоро университети кўмагида амалга оширилди.

Сўровномага кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижликлар сони ортган. 2009 йилда сайёҳлар сони 1,2 млн кишини ташкил қилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2 млн кишига етган.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, Ўзбекистонга кўпроқ Россия, Туркия, Ҳиндистон, Германия ва Корея фуқаролари ташриф буюрар экан.

72 фоиз сўралганлар Ўзбекистонда ҳамёнбоп нархларни таъкидлаб ўтишди.

Кўпчилик сайёҳлар тарихий жойларга экскурсиялар вақтида турли сувенир маҳсулотлари, халқ-амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари харид қилишларини таъкидлаб ўтдилар.

77 фоиз сўралганлар Ўзбекистонга ташриф буюришларига ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган маданий-тарихий объектларни ўз кўзлари билан кўриш истаги таъсир қилганини айтишган.

Ўзбекистонга саёҳатларнинг давомийлиги ўртача 10 кунни ташкил қилади. Кўпчилик сайёҳлар Тошкент, Самарқанд ва Бухорода ўз вақтларини ўтказадилар.
Кўпчилик сўралганлар хизмат кўрсатишнинг юқори даражаси, қулай яшаш шароитлари, ривожланган транспорт инфратузилмасини қайд қилиб ўтдилар.

83 фоиз сўралганлар Ўзбекистонга сайёҳат қилиш хавфсиз эканини ва улардан 76 фоизи ўз танишларига Ўзбекистонга келишни тавсия қилишларини айтиб ўтишган.

Сўралганларнинг 89 фоизи ўзбек меҳмондўстлигини қайд қилиб ўтишган.

Top