17:23 / 07.10.2015
3633

“Ипак йўлида туризм” ХХI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунига етди

Тошкент шаҳрида 5-7 октябрь кунлари XXI "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Франция, Швейцария, Латвия, Россия, Польша, Словакия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Вьетнам, Малайзия, Таиланд, Туркия, Доминикан Республикаси, Исроил, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон сингари давлатлардан 700дан зиёд сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Миллий ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, банк хизматлари, суғурта компаниялари ҳамда оромгоҳлар вакиллари иштирок этган ушбу ярмаркада мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, хушманзара табиатимиз ва ноёб меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари намойиш қилинди.

Халқаро ярмарка доирасида “Маданий меросни асраш Ўзбекистон сайёҳлик соҳаси ривожининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди. Бир қанча мамлакатлар ва шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар, соҳага оид амалий семинарлар ўтказилди.
Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида қатор йўналишлар бўйича сайёҳлик соҳасининг энг яхши ва фаол ғолиблари аниқланди ва тақдирланди.

Top