15:23 / 10.10.2015
5012

Хитой баҳсли Спратли оролларига 2та маёқ ўрнатди

Хитой ҳукумати Жанубий Хитой денгизи ҳудудида жойлашган Спратли архипелагига (Чыонгша) 2та маёқ ўрнатиш ишлари якунлангани ҳақида маълум қилди.

Хитойдаги расмий ОАВлардан бири маълумотига кўра, бу маёқлар ороллар акваториясида кемаларнинг ҳалокатга учраши эҳтимолларини камайтиради. Келгусида бу ҳудудда Хитой томонидан яна янги маёқлар ўрнатилиши мумкин.

Қайд этиш керакки, Спратли архипелагига биратўла 6та давлат: Хитой, Вьетнам, Тайван, Малайзия, Филиппин ва Бруней даъвогарлик қилади.

Шу йилнинг ёзида Хитой бу архипелагдаги ороллардан бирида учиш-қўниш йўлагига эга аэродром қургани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди.

АҚШ томони Хитойнинг Жанубий Хитой денгизида қурилишларни амалга оширишини унинг бу ҳудудда ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уриниши сифатида баҳолаган.

Апрель ойида АҚШ Давлат департаменти вакили Жефф Ратке Хитой томонидан Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари тинчлигига таҳдид солинаётгани ҳақида айтиб ўтганди. У Хитой томонидан Жанубий Хитой денгизида сунъий ороллар пайдо бўлаётганидан хавотирларини билдириб ўтган.

Top