18:07 / 12.10.2015
3707

Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлиши тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев республиканинг Жаҳон савдо ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилиши ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Бундан аввалроқ эса Қозоғистон парламенти Сенати (юқори палата) мажлисида республиканинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)ни ташкил этиш тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилиши ҳақидаги протоколни ратификация қилган эди.

Мазкур протокол 2015 йилнинг 27 июлида республика ва ташкилот аъзолари томонидан имзоланиб, сўнгра парламентнинг қуйи палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилди.

Хабар қилинишича, Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши тўғрисидаги қарор ташкилот ратификация тўғрисида хабардор қилинганидан сўнг бир ой ўтгач, автомат тарзда кучга киради. Шундан сўнг қўшни давлат ЖСТнинг 162- аъзосига айланади.
Жаҳон савдо ташкилоти – халқаро муассаса бўлиб, давлатлараро савдони либераллаштириш, унга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо ва сиёсий муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган. Очиқ савдоларга қизиқиш билдириб келган Қирғизистон ва Тожикистон мазкур халқаро ташкилотга аллақачон аъзо бўлган. Шунингдек, Афғонистон яқин вақтлар ичида Жаҳон савдо ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши мумкин.

Ўзбекистон мазкур халқаро ташкилотга аъзо эмас.

Top