10:00 / 12.10.2015
6198

Тошкентдаги Ботаника боғи ҳудудига қушлар учун 60 та сунъий инлар ўрнатилди

Тошкентдаги Ботаника боғида "Қушлар учун макон" акцияси доирасида қушларнинг айрим турлари, яъни майда бойқуши ва читтак ҳамда қумри қушлари учун 60та сунъий инлар ўрнатилди.

Мазкур акциянинг асосий мақсади жамоатни инсонлар билан бирга яқин оралиқда яшовчи ёввойи қушлар билан таништириш, амалиётда уларни асраб қолишга йўналтирилган ҳаракатларни намойиш этишдан иборат, деб ёзади UzReport нашри.

Акция давомида турли маданий-маърифий танлов ва викториналар ўтказилди, Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамияти ҳодимлари инсонлар ёнида яшовчи қушлар ҳақида сўзлаб беришди. Акциянинг энг фаол иштирокчиларига мазкур жамият томонидан мукофотлар топширилди.

Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Роман Кашкаровнинг таъкидлашича, пойтахтимизда бу каби кенг кўламли акциялар ҳали ўтказилмаган эди. Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсадлардан яна бири, қушлар учун ўрнатилган инларга нисбатан, бу инларнинг бўлажак эгалари қандай муносабат билдиришини кузатишдан иборатдир.

Қўшимча қилиш жоизки, сунъий қуш инларини ўрнатиш учун куз ойининг ўрталари танлангани бежизга эмас. Баҳоргача читтак ва бойқушлар дарахтлар рангига мослашиб олиб, дарахт ландшафтининг бир бўлагига айланишга улгуради.

Top