10:45 / 13.10.2015
3900

12 октябрь куни Қуддусда араблар исроилликларга ҳужум қилиши бўйича 4та ҳолат қайд этилди

12 октябрь кунининг иккинчи ярмида пичоқ билан қуролланган араб миллатига мансуб шахс исроиллик аскарга ҳужум қилди. Бу эса шу куннинг ўзида бу билан боғлиқ тўртинчи ҳолат бўлди.

Маълум қилинишича, ҳужум қилган арабнинг фуқаролиги аниқланмаган, у хавфсизлик хизматлари томонидан отиб ўлдирилган. Унинг жабрланувчиси жиддий аҳволда шифохонага ётқизилган.

Бироз олдинроқ, Қуддусда араб миллатига мансуб шахслар томонидан исроилликларга нисбатан уюштирилган ҳужумлар туфайли 2 нафар полициячи жароҳатланганди.

Шунингдек, Қуддус шарқида икки нафар ёш исроиллик ўққа тутилган ва жароҳатланган. Уларга ҳужум қилган фаластинликлардан бири отиб ўлдирилган, яна бири эса жароҳатланган аҳволда қўлга олинган.

Кейинги ҳафтада Қуддусда араблар ва исроилликлар ўртасида зиддиятлар кучаймоқда. Ўтган ҳафтада араблар томонидан амалга оширилган ҳужумларни бартараф этиш чоғида 25 нафар фаластинлик отиб ўлдирилган. Уларнинг ҳужумлари туфайли ҳалок бўлган исроилликлар вакиллари сони 5 нафарни ташкил қилмоқда.

Олдинроқ фаластинлик аёл Ғарбий соҳил бўйидаги назорат ҳудудида полиция томонидан тўхтатилганда ўзида ўрнатилган портловчи қурилмани ишга туширган, портлаш натижасида аёл ва полиция ходими зарар кўришганди.

Ўтган ҳафтада Исроил полицияси фаластинликларнинг қадим шаҳар Қуддусдаги Ал-Ақса масжидига киришини чеклаб қўйганди.

Ўтган ҳафта охирида ўша ҳудудда юзага келган тўқнашувлар натижасида икки нафар исроиллик фуқаро фаластинликлар томонидан пичоқлаб кетилганди. Айнан мана шу сабаб Эски шаҳар фаластинликлар учун ёпиб қўйилганди.

10 октябрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу мамлакат шаҳарларидаги тартиб ва назоратни кучайтириш мақсадида захирадаги ҳарбий полициячилар қуроллантирилиши ҳақида маълум қилди.

Ўз навбатида Ғазо секторидаги "Ҳамас" радикал гуруҳи раҳбари Исмоил Хания фаластинликларни ўз ҳаракатларини давом эттиришга чақирган.

Top