10:26 / 14.10.2015
2692

14 октябрь куни Тошкентда онкологик касалликларни назорат қилиш бўйича халқаро форум иш бошлайди

2015 йилнинг 14-16 октябр кунлари пойтахтдаги Халқаро бизнес марказида Марказий Осиёда онкологик касалликларни назорат қилиш бўйича халқаро форум бўлиб ўтади. Бу ҳақда “UzMedInfo” маркази Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ижтимоий хизмат ташкилоти, Республика онкология илмий маркази, Халқаро соғлиқни сақлаш маркази (АҚШ), МДҲ давлатлари онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан ҳамкорликдаги Евроосиё ва Халқаро саратонга қарши уюшма ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумнинг 14 октябрда бўладиган ялпи мажлисида соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва органлари раҳбарлари, соҳага доир етакчи халқаро экспертлар маъруза қилади. Ялпи мажлисдаги чиқишида маърузачилар онкологик касалликларнинг назорати ва скринингида халқаро муаммолар хусусидаги масалаларга тўхталишади.

Ялпи мажлисдан сўнг форум тематик секцияларда давом этади.
Биринчи секция иши болалар онкологик касалликлари эпидемиологияси ва болаларда ноходжикин лимфомасини даволашда халқаро муаммолар ва имкониятлар муҳокама қилинувчи болаларда янгидан пайдо бўлган ёмон сифатли ўсмаларга бағишланади.
Иккинчи секция ишида аёл репродуктив тизимида пайдо бўлувчи ёмон сифатли ўсмалар – эндометрий саратони, бачадон бўйни ва тухумдонлар саратони муҳокама қилинади.

Учинчи секцияда ошқозон-ичак йўлларида кузатилувчи ёмон сифатли ўсмалар муҳокамасига имконият яратилади. Унда колоректал ва гастроинтестинал саратоннинг олдини олиш ва даволашга, шунингдек, колоректал ва гастроинтестинал саратон скринингига оид баён кўп тармоқли ёндашувда кўриб чиқилади.
Форумнинг иккинчи ва учинчи кунларида онкологик касалликларнинг назорати бўйича миллий дастурлар режалаштириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича масалалар муҳокама қилинади.

Top