07:24 / 14.10.2015
3427

Сергей Лавров: Яқин Шарқда террорчиликнинг ёйилиши давлатлар барбод қилиниши билан боғлиқ

Яқин Шарқда террорчиликнинг ёйилиши муаммоси давлатчиликнинг барбод қилиниши билан боғлиқ. Бундай фикрни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров НТВ телеканалига берган интервьюсида билдирди.

Лавров “Нима учун ҳамкорлар Россиянинг кенг аксилтеррорчилик коалициясини яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслар?” деган саволга “Бунинг сабаби Суриядаги террорчиликка қарши коалициянинг мақсадлари унча ҳам рост эълон қилинмаганида бўлиши мумкин”, деган фикрни билдирди.  “Балки мақсад тузумни ўзгартиришдан иборатдир? Улар Суриядаги якуний ечим Асад бўлмагандагина бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларидан қайтмаяптилар”, деб айтди Лавров. 

“Улар ҳозир Сурия ва Ироқда бир йилдан ортиқ ишлаётган коалиция фақатгина террорчилар, ИШИДга қарши кураш олиб бораётгани ва ҳукумат қўшинлари позицияларига ҳужум қилмаётганини айтмоқдалар. Эҳтимол, бу чин ёки ёлғон эканлигини текшириб кўриш учун объектив имконият бордир. Бироқ биз бу вазиятни ўрганмоқдамиз”, деб қўшимча қилди Лавров.

“Саддам Ҳусайн қандай ағдарилгани эсимизда. Бундан кейин Ироқ хаос ҳукмронлик қилган жойга айланди ва ҳанузгача у ерда ҳаммаси мураккаб. Каддафи тузумини ағдариш учун бизнинг ғарбий ҳамкорларимиз ва минтақадаги давлатлар энг ашаддий экстремистлар билан ҳамкорлик қилганлари ҳам эсимизда. Экстремистлар эса шамчироқдан чиққан жинга ўхшаб бутун Шимолий Африка ва ҳаттоки “қора” Африкага ҳам ёйилиб кетди”, деб таъкидламоқда Лавров.

Лавровнинг айтишича, “икки ёқлама стандартлар яққол кўриниб турибди” ва “бир гуруҳ давлатлар бор бўлиб, улар учун яна бир тузум, яна бир давлатни барбод қилиш ҳаммасидан муҳимроқдир”.

“Ахир охир-оқибат Яқин Шарқда террорчиликнинг ёйилиши муаммоси давлатчиликнинг барбод қилиниши билан боғлиқдир. Ироқда, Ливияда ҳам, мана энди Сурияда. Эҳтимол, яқин орада Ливанда амалга оширилар, мен ҳаттоки билмайман ҳам”, деб қайд қилиб ўтди Лавров.

Top