21:34 / 15.10.2015
5530

БМТ Хавфсизлик кенгашига 5 давлат муваққат аъзо сифатида қабул қилинди

БМТ Бош ассамблеяси овоз бериш жараёнида Украина, Миср, Сенегал, Уругвай ва Япония 2016-2017 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолари қаторига қабул қилинди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Украинанинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида қабул қилинишига 177 та давлат вакили розилик берди, 14 нафари бетараф қолди. Шунингдек, Миср 179 та, Сенегал 187 та, Уругвай 185 та, Япония 184 та овоз тўплади. 

2016 йил 1 январдан бу давлатлар Хавфсизлик кенгашида ўзининг 2 йиллик муддати ниҳоясига етаётган Чад, Нигерия, Литва, Чили ва Иорданиянинг ўрнини эгаллайди ҳамда 2016 йилнинг охирида ваколатлари тугайдиган Ангола, Венесуэла, Испания, Малайзия ва Янги Зеландияга қўшилади.

Хавфсизлик кенгаши БМТнинг асосий органи ва дунёда тинчлик ва халқаро хавфсизликни таъминлашга жавобгар ҳисобланади. Хавфсизлик кенгаши 15 та аъзодан ташкил топган. Бешта давлат – Россия, Хитой, Буюк Британия, АҚШ ва Франция унда доимий асосда, қолган 10 та аъзо муваққат асосда фаолият юритади. 

Top