19:23 / 15.10.2015
5632

Ўзбекистон аҳолисини кўпроқ уй-жой-коммунал муаммолари қизиқтирмоқда

Ўзбекистон аҳолиси билан кенг кўламда ташвиқот  ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини тарғибот қилиш ишлари олиб борилгани натижасида фуқароларнинг Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасига мурожаатлари сони ошгани кузатилмоқда. Бу истеъмолчилик маданиятининг ўсаётганидан дарак беради.

2015 йилнинг 9 ойи давомида истеъмолчилардан 3647 та мурожаат келиб тушган, улардан 2357 таси ёзма равишда, 1290 таси эса ишонч телефонлари орқали билдирилган. Барча мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларга тегишли жавоблар берилган.

Мурожаатларнинг 58,2 фоизи коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига, 18,9 фоизи савдо ва умумий овқатланиш соҳасига, 9,8 фоизи транспорт, алоқа ва коммуникация хизматлари соҳасига ҳамда қолган 13,1 фоизи бошқа соҳаларга тўғри келган.

Коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун газ ва электр таъминоти ташкилотлари ва бошқа коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг барча филиалларида жорий йилнинг 9 ойида қўмита мутахассислари иштирокида истеъмолчиларни қабул қилиш амалга оширилди. Бундан ташқари, газ, электр энергия ва бошқа коммунал хизматлар истеъмолчилари туман бўлимлари томонидан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари камситилиши масалалари бўйича Давлат рақобат қўмитаси вакилларига бевосита мурожаат қилишлари мумкин.

Давлат рақобат қўмитаси вакиллари томонидан истеъмолчилардан 4926 та мурожаат қабул қилинган, улардан 3237 таси газ таъминоти, 1572 таси электр энергия таъминоти, 117 таси бошқа коммунал масалалар билан боғлиқ бўлган. 3407 нафар истеъмолчига тегишли тушунтириш берилган, 1293 нафарига эса муаммолар жойида ҳал қилинган.

Ёзма мурожаатлардан 93,5 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган. Телефон орқали олинган мурожаатлардан 62,4 фоизи бўйича тегишли чоралар қабул қилинган, 37,6 фоизи бўйича Давлат рақобат қўмитаси ваколати доирасида тегишли тушунтиришлар берилган.

Top