22:01 / 16.10.2015
5753

KUN.UZ дайжести: 16 октябрь, Дунё хабарлари

Ҳурматли ўқувчилар, эътиборингизга 16 октябрь куни жаҳонда рўй берган энг асосий янгиликларни такроран ҳавола этамиз.

Туркия ТИВ: Россия ва Туркия самолётлари бир кунда 13 маротаба хавфли рўбару бўлишди>>

Россия ва Туркия самолётларининг бир-бирлари билан кун давомида хавфли рақишда яқинлашганлари ҳақида Туркия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Али Камол Ойдин “Россия ва Туркия: кўп режали ҳамкорликни мустаҳкамлаш” анжуманида чиқиши пайтида айтиб ўтган.

БМТ Хавфсизлик кенгашига 5 давлат муваққат аъзо сифатида қабул қилинди>>

БМТ Бош ассамблеяси овоз бериш жараёнида Украина, Миср, Сенегал, Уругвай ва Япония 2016-2017 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолари қаторига қабул қилинди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Обама ва Эрдўған ИШИДга қарши курашни кучайтириш ва Россиянинг Суриядаги иштирокини муҳокама қилишди>>

АҚШ ва Туркия президентлари Барак Обама ва Ражаб Тойиб Эрдўған телефон орқали суҳбатда ИШИДга қарши курашда ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Рамзон Қодиров: Россияда террорчилар учун ўлим жазоси киритилиши лозим>>

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Россияда террорчилар учун ўлим жазоси киритилиши лозимлигини, чунки уларнинг қамоқда сақланиши “нотўғри” эканлигига ишончи комиллигини айтди. Унинг фикрича, бундай кимсалар мусулмонлар билан ҳеч қандай умумий жиҳатга эга эмас. 

Associated Press: АҚШлик ҳарбийлар Қундуздаги шифохонага ҳужум қилишаётганини билишган>>

АҚШнинг махсус операциялар билан ишловчи таҳлилчилари Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги “Чегарасиз шифокорлар” шифохонасига ҳужум қилинишидан бир неча кун аввал ушбу объект ҳақида маълумотлар йиғишган, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Порошенко инглиз тилини давлатнинг иккинчи тилига айлантириш таклифини баён қилди>>

Украина президенти Пётр Порошенко инглиз тилини давлатнинг иккинчи тилига айлантириш борасида ягона тўхтамга келди, деб маълум қилмоқда ТАСС.

Обама Афғонистондаги вазиятни “қалтис” дея баҳолади>>

АҚШ Афғонистондаги беқарор вазият туфайли бу ерда 2016 йилдан кейин 5,5 мингга яқин аскарини қолдиради, деб айтди АҚШ президенти Барак Обама. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди.

Жаҳон банки Суриянинг қўшниларига ёрдам беради>>

Жаҳон банки Сурияга қўшни давлатларга молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. Рўйхатда биринчи ўринда Ливан ва Иордания турибди.

Ашхобод Остонага норозилик билдирди>>

Ашхобод Остонага ўз норозилигини билдириб, бундан кейин Туркманистондаги вазиятни ёритишда Қозоғистон холис ахборотдан фойдаланишига умид билдирди.

“Эйр Астана” Каспий денгизида Россия ракеталари учирилгани туфайли йўналишини ўзгартирди>>

“Эйр Астана” авиакомпанияси Каспий денгизи атрофидаги вазият туфайли Олма-Ота-Боку-Олма-Ота рейсининг йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати вакили “Остона” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Петербурглик бизнесмен уйидан тожикистонлик муҳожирнинг қолдиқларини топиб олди>>

Санкт-Перербургдаги қурилиш-таъмирлаш компанияларидан бирининг директори ўзининг коттежида унинг қўлида 10 йил ишлаган тожикистонлик муҳожирнинг танаси қолдиқларини топиб олди. Бу ҳақда маҳаллий матбуотда хабар берилди.

МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлиси иш бошлади>>

Қозоғистон Республикасининг Кўкшетау шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлиси иш бошлади.

Қирғизистон полицияси минтақадаги энг катта бозорни ўраб олишди>>

Қирғизистон полициячилари Бишкекдаги Дўрдой буюм бозорини ўраб олишди. Интерфакс агентлигининг маълум қилишича, бу чора қамоқдан қочган маҳбусларни қидириш операцияси доирасида амалга оширилган.

АҚШ Туркманистон билан алоқаларни мустаҳкамлайди>>

АҚШ Туркманистон билан алоқаларни янада чуқурлаштириш ва конструктив диалог ўрнатиш ниятини билдирди. Бу ҳақда Вашингтонда Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ўтказган музокаралар якунларига кўра АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилди.

Қозоғистонда МДҲ давлатлари раҳбарларининг кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди>>

16 октябрь куни Қозоғистоннинг Бўрабай қишлоғида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда МДҲ ижроия қўмитасининг сайти орқали хабар қилинди.

Қирғизистонда изолятордан қочган террорчи йўқ қилинди>>

Қирғизистон полицияси тергов изоляторидан қочиб кетган террорчи Дониёр Қодиралиевни йўқ қилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Бақит Сейитов маълумот берди.

Интернетда Қирғизистондаги изолятордан қочган террорчини йўқ қилиш операцияси тасвирланган видео тарқалди

Интернетда дрон орқали тасвирга олинган Қирғизистондаги изолятордан қочган террорчини йўқ қилиш учун ўтказилган махсус амалиёт видеоси пайдо бўлди.

МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг кейинги мажлисига Қирғизистон раислик қилади>>

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг кейинги мажлиси 2016 йилнинг 16 сентябрида Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда бугун, МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг Қозоғистондаги Бурабай қишлоғида ўтказилаётган мажлиси вақтида тузилманинг ижрочи котиби Сергей Лебедев маълум қилди.

ОАВ: Ҳиндистоннинг Nirbhay ракеталари синови омадсиз якунланди>>

Ҳиндистоннинг товуш тезлигигача бўлган Nirbhay ракеталари синови муваффақиятсизлик билан якунланди, хабар берди IANS агентлиги Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти (DRDO) маълумотига асосланган ҳолди.

Назарбоев қочқинлар ичида террорчилар ҳам бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди>>

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Европага юз минглаб ададда келаётган қочқинлар орасида кечаги террорчилар ҳам яширинган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги чиқишида баёнот берди.

Эмомали Раҳмон экстремистик гуруҳлар сонининг ошишидан хавотирда>>

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон экстремистик гуруҳларнинг сонининг ортаётганлиги муносабати билан ўз хавотирини билдирди. Бу ҳақда у МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларини кенгашининг Қозоғистонда ўтказилган навбатдаги йиғилишидаги чиқишида гапирди.

Путин Афғонистондаги вазиятни инқирозга яқин деб баҳолади>>

Жангариларнинг фаоллашуви натижасида Афғонистондаги вазият яна инқирозга яқинлашиб қолди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларини кенгашининг Қозоғистонда ўтказилган навбатдаги йиғилишидаги чиқишида гапирди.

Top