09:14 / 16.10.2015
4292

Ўзбекистон тўқимачилик саноати корхоналари 10 млн доллардан кўпроққа немис ускуналари сотиб олмоқчи

Германиянинг тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқарувчи Saurer Schlafhorst компанияси Ўзбекистон тўқимачилик саноати корхоналари билан 10 млн доллардан кўпроқ суммага шартнома тузишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда компания вакили Герольд Гонскга иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри.

Гонскнинг айтишича, Тошкентда бўлиб ўтаётган пахтачилик ва тўқимачилик халқаро анжумани доирасида немис компанияси “Ўзбекенгилсаноат” ДАК ва тўқимачилик фабрикалари вакиллари билан тўқимачилик ускуналари етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказади.

Гонскнинг таъкидлашича, компания 30 та тўқув машинаси етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ускуналар билан Ўзбекистондаги бир нечта тўқимачилик корхоналари жиҳозланиши мўлжалланяпти. Компания, шунингдек, истиқболда Ўзбекистонда Европа стандартлари бўйича шундай ускуналарни ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

1990-йиллардан бошлаб Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари маҳсулотлари экспорти 110 баробарга ортди. Бугунги кунда Ўзбекистон енгил саноати маҳсулотлари дунёнинг 45 та давлатига экспорт қилинмоқда. Ўзбекистонда 3 мингга яқин енгил саноат корхонаси рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 300 дан кўпроғи “Ўзбекенгилсаноат” таркибига киради.

Top