20:16 / 17.10.2015
3321

Amazon сохта тақриз ёзган 1000 дан кўпроқ фрилансер устидан судга шикоят қилди

Amazon компанияси сервисда жойлаштириш учун сохта тақризларни сотадиган 1000 дан кўпроқ одам устидан судга шикоят қилди. Компания шу тариқа ноинсоф йўллар билан ўз маҳсулотларига қизиқишни оширишга ҳаракат қиладиган сотувчиларга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.

Amazon вакилларининг айтишича, компания Fiverr арзонбаҳо аутсорсинг биржасида сохта тақризлар ёзиш хизматини таклиф қилувчи фрилансерлар устидан судга даъво аризаси берди.

Компания ўзининг даъвосида “Бу тақризлар, уларнинг кам сондалигига қарамасдан, истеъмолчи ва сотувчиларга ва демак Amazon брендига ишончнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин”, деб кўрсатди.

Компания вакиллари Fiverr фойдаланувчилари билан суҳбатни ҳамда бирор маҳсулотга “бешта юлдуз” қўйишга ваъда бериб, сотувчига маҳсулот учун ижобий тақриз ёзиб беришни таклиф қилганлардан сохта тақризларни харид қилишни ўз ичига олган батафсил тергов ўтказдилар.

Компания бунда Fiverr жавобгар эмаслиги, чунки унинг мавжудлиги асосий муаммони ҳал қилмаслигини аниқлаштириб ўтди. Шу билан бирга Fiverr вакили Маннинг Барринжер компания билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида маълум қилди: “Биз сайтдан бизнинг фойдаланиш шартларимизни бузувчи барча хизматларни олиб ташлаш борасида Amazon билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Шунингдек, биз номақбул контент ҳақидаги барча хабарларга тезкорлик билан жавоб бермоқдамиз”.

Аввалроқ апрель ойида Amazon сохта тақризлар сотган бир нечта сайтларга ҳам қарши чоралар кўриб, улар устидан судга даъво аризаси берган эди.

 

Top