09:20 / 17.10.2015
12607

Тожикистон Марказий Осиёда аҳолиси меъёрида овқат емайдиган энг ёмон давлат деб тан олинди

Welthungerhilfe ва Concern Worldwide инсонпарварлик ташкилоти ҳамда Озиқ-овқат сиёсати тадқиқотлари халқаро инстутитутининг янги чоп этилган “Дунё очлик индекси” (World Hunger Index 2015) ҳисоботида Тожикистонда аҳоли меъёрида овқат емаслик даражаси 2005 йилдаги 36,5 фоиздан 2015 йилдаги 30,3 фоизга қисқаргани айтилмоқда.

Худди шундай меъёрида овқат емаслик даражаси Гвинея-Биссау ва Руандада қайд қилинди. Бу давлатлар Тожикистон билан бирга 104 та давлат киритилган ушбу ҳисоботда 82-ўринни бўлишмоқда. Охирги ўн йил ичида Тожикистонда меъёрида овқат емаслик даражаси 5 фоизга қисқарганига қарамасдан, мамлакат Марказий Осиёнинг энг “оч” давлати бўлиб қолмоқда.

Ушбу рейтингнинг юқори ўнталигидан Кувайт (5 фоиз), Саудия Арабистони (5,1 фоиз), Туркия (5,1 фоиз), Словакия (5,2 фоиз), Руминия (5,3 фоиз), Тунис (5,6 фоиз), Уругвай (5,6 фоиз), Иордания (5,8 фоиз), Македония (5,9 фоиз), Ливан (6,2 фоиз) давлатлари жой олган. Бу давлатларда аҳоли ўртасида меъёрида овқат емасликнинг энг кам даражаси қайд этилган.
Ушбу рейтингнинг, аксинча энг охирги, яъни 93-104-ўринларини (ўсиб бориш тартибида) Покистон (33,9 фоиз), Яман (34,2 фоиз), Нигер (34,5 фоиз), Афғонистон (35,4 фоиз), Мадагаскар (36,3 фоиз), Гаити (37,3 фоиз), Сьерра-Леоне (38,9 фоиз), Шарқий Тимор (40,7 фоиз), Замбия (41,1 фоиз), Чад (46,4 фоиз), Марказий Африка Республикаси (46,9 фоиз) эгалламоқда.

Марказий Осиёда меъёрида овқат емаслик даражаси энг паст кўрсаткичи Қозоғистонда қайд қилинди (8 фоиз, 16-ўрин). Ундан кейин Қирғизистон (9,4 фоиз, 27-ўрин), Туркманистон (12,9 фоиз, 40-ўрин) ва Ўзбекистон (13,3 фоиз) келмоқда.

Қирғизистон Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Хорватия, Латвия, Монголия, Перу ва Венесуэла билан бирга ўз фуқароларининг меъёрида овқат емаслик даражасини энг кўп қисқартирган 10 давлатдан бири бўлди. Қайд этилишича, Қирғизистонда бу кўрсаткич охирги ўн йил ичида 14,3 фоиздан 9,7 фоизга камайган.

Ҳисоботда 52 та давлат, улар қаторида Тожикистон ҳам бор, очарчиликнинг жиддий ва хавотирли юқори даражасини намоён қилмоқда. Бу борада энг юқори даража Жанубий Осиё ва Саҳрои Кабирдан жанубга томон жойлашган Африка давлатларида кузатилмоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, дунёда ҳар тўртинчи бола очлик туфайли ривожланишда ортда қолаётгани, барча болаларнинг 9 фоизи ориқлаб кетишдан азият чекаётгани таъкидланмоқда.

Top