20:17 / 18.10.2015
26764

Тошкентда сув тошқинлари, Самарқандда қор

Тошкентда 17 октябрда кун давомида кузатилган ёғингарчилик натижасида шаҳар марказидаги қўчалар сув билан тўлиб-тошди. Интернетда бу ҳолатлар акс этган суратлар чоп этилди.

Хусусан воқеа гувоҳларидан бири Шота Руставели кўчасида юзага келган тошқинни суратга олиб, уни ижтимоий тармоқдаги гуруҳлардан бирида жойлаштирган.

Суратлардан кўчалар тўлиқ сув остида қолиб, автомобиллар бу “дарёлар”да бамисоли кемалар каби сузиб юрганини кўриш мумкин. Ариқлар тиқилиб, тошиб кетган. Суратлардан ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ариқларни очиб, сувни юргазиб юборишга ҳаракат қилишаётганларини кўриш мумкин.

Фойдаланувчилардан бири куюнчаклик билан Тошкентнинг баъзи кўчаларида кучли ёғингарчиликдан кейин аҳвол доимо шундай бўлиши, дренаж тизимлари яхши ишламаётганидан шикоят қилган.

18 октябрда эса Самарқанд шаҳрида “биринчи қор” ёғди. Бу ҳақда твиттерда изоҳлар бериб ўтилди.

Хусусан фойдаланувчилардан бири ҳаммани “биринчи қор” билан табриклаб, қор фонида селфига тушган. Эътиборлиси, 18 октябрь анъанавий тарзда ҳар йили “Самарқанд шаҳри куни" сифатида нишонланадиган бу кунда табиат ҳам шаҳарликларни ўзининг “оппоқ туҳфаси” билан “сийлади”.

Аввалроқ 16-18 октябрь куни Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати пасайиши ва кучли ёғингарчилик кузатилиши маълум қилинганди.

“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, 19 октябрдан Ўзбекистон жанубида жойлашган Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳаво ҳарорати кўтарилиб, +18 даража, Самарқанд вилоятида эса +15 даража бўлиши кутилмоқда, фақатгина Фарғона водийси ҳудудида ёғингарчилик кузатилиши мумкин.

Top