12:35 / 19.10.2015
2695

ХХР раиси Британияга ташрифи чоғида “Манчестер Сити” жамоаси базасига ташриф буюради

Аввал хабар қилинганидек, 19 октябрь куни ХХР раиси Си Цзиньпин турмуш ўртоғи Пэн Лиюань ҳамроҳлигида тўрт кунлик расмий ташриф билан Британияга йўл олади.

23 октябргача давом этадиган расмий сафар доирасида Си Цзиньпин Манчестер шаҳрида бўлиб, Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан биргаликда “Манчестер Сити” футбол жамоаси базасига ташриф буюради.

"Кун тартибига мувофиқ, 22 октябрь куни Си Цзиньпин ўзи мухлислик қиладиган Manchester Сity футбол жамоасини бориб кўради", дейилади хабарда.

ХХР раиси Рейтер агентлигига берган интервьюсида Хитой ва Британиянинг футбол соҳасидаги ҳамкорлигига юқори баҳо берган.

“2013 йилда британ Премьер Лигаси ва Хитой Суперлигаси ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган эди, Дэвид Бэкхэм эса Хитойдаги ёшлар футбол дастури элчиси этиб тайинланганди”, -дея эслаб ўтди Си Цзиньпин.

Ўтган сентябрь ойида икки мамлакат вакиллари бўлғуси футбол юлдузларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Хитой етакчиси сўзларига кўра, келгуси 20 йил ичида мамлакатдаги 20 мингта мактабда футбол бўйича ўқув дастури жорий этилиб, бу икки давлат ўртасида ўйинчилар, мураббийлар ва футбол ҳакамлари тайёрлашда ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳият ҳисобланади.

Top