08:23 / 20.10.2015
2514

Олий Мажлисда Франция парламенти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

2015 йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Франция Миллий Ассамблеясидаги “Франция-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Филипп Менье бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар берган.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” барқарор ривожланишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳалар қатори парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2010 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Франция” дўстлик гуруҳи ташкил этилди.

Франция вакиллари мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Ўз ўрнида, Олий Мажлис вакиллари ҳам Францияда ўтадиган халқаро тадбир ва икки томонлама учрашувларда мунтазам қатнашади.

Делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ижобий баҳоланди. Шунингдек, улар мамлакатда олиб борилаётган сиёсатни, чунончи, барча миллат вакилларининг муносиб ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароит яратилганини қўллаб-қувватлашди.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида амалга оширилаётган ишлар, сайлов қонунчилигидаги ислоҳотлар ва жараёнлар юқори баҳоланди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги тажрибаси Франция томони учун долзарб аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси билан мустаҳкам алоқалар самарали давом этиши ҳар икки томон учун фойдали эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Top