12:11 / 20.10.2015
29165

Ўзбекистонда беш оёқли сигир парвариш қилинмоқда

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги хонадонлардан бирида 2014 йилда беш оёқли бузоқ дунёга келган эди. Соғлом ва бақувват ушбу бузоқ айни пайтда хонадон эгалари томонидан парвариш қилинмоқда. Бу ҳақда яйпанлик блогер Исроилжон Тиллабоев kun.uz таҳририятига маълум қилди.

Унинг айтишича, ортиқча оёғини ҳисобга олмаса, сигир боласининг бошқа бузоқлардан деярли ҳеч қандай фарқли жиҳатлари йўқ. Ортиқча туёғи эса еб-ичиши, ётиб-туришига халақит бермайди.

“Мен бузоқ эгаси, қайноғамга ушбу ғаройиб бузоқни оммага кўрсатишга маслаҳат берсам-да, у киши кўп ҳам унамади, тинчгина боқиб юраверлик-чи, келажакда бир гап бўлар тақдири, дея тушунтирди, - деб ёзади блогер. - Бузоқни ойлар ўтган сари қизиқиш билан кузатиб бордим. Аслида бундай бузоқнинг кўп яшамаслигини, тўғриси, кўпчилик тахмин қилади, йўқ, у ёшига нисбатан жуда кучли ва соғлом бўлиб ўсди. Ортиқча оёғи эса худди бошқа оёқлари каби тузилишга эга бўлиб, бирга ривожланиб бораверди. Унинг харакати ҳам бузоққа қийинчилик туғдирмади”.

И.Тиллабоев бир йил муқаддам Хитойда дунёга келган худди шундай бузоқчанинг эгаси уни “Ноёб ҳайвонлар боғи”га сотишини айтиб ўтганини таъкидлаб, ушбу ғаройиб бузоқчага қизиқиш билдирганлар бўлса, уни сотиб олишлари мумкинлигига ишора қилиб ўтган.

Top