07:38 / 23.10.2015
3600

Қирғизистонда давлат идораларида амалга оширилиши мўлжалланган 2 терактнинг олди олинди

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари биноларида амалга оширилиши режалаштирилган терактлар фош қилинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Маълум қилинишича, Бишкек шаҳри яқинида ўтган ҳафтада Қирғизистон фуқароси Д.Н теракт амалга оширишга тайёрланишда гумон қилиниб, қўлга олинган.

У мамлакатда тақиқланган террористик ташкилотлардан бирининг аъзоси экани аниқланган. У яқин вақт ичида давлат маъмурияти идораларида терактлар амалга оширишни мўлжаллагани маълум бўлган.

Унинг уйи тинтув қилинганида, бу ердан қўлбола портловчи қурилмалар ясашда қўлланиладиган аммиак селитраси, водород пероксиди, олтингугурт кукуни, симлар, кислотали шишалар, бомбани ҳаракатга келтиришда фойдаланиши мўлжалланган мобил телефонлар топилган.

Уйдан шунингдек, ҳужум режаси, портловчи қурилмаларни ясашни ўргатувчи қўлланма, диний адабиётлар (дисклар ва китоблар), ҳукуматга қарши варақалар ҳамда совуқ қуроллар аниқланган.

Тергов вақтида у ўзининг террористик ташкилот аъзоси эканига иқрор бўлган. У ташкилот раҳбарларидан Қирғизистон ҳудудида терактлар амалга ошириш бўйича кўрсатма олгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, унинг гувоҳлиги асосида Қирғизистон фуқароси бўлган яна бир террорчи қўлга олинган.

Айни вақтда бу бўйича жиноий иш очилган. Қўлга олинганлар қаттиқ назорат остида сақланмоқда.

Уларнинг айнан қайси ташкилот аъзолари эканига аниқлик киритилмаган.

Top