16:11 / 24.10.2015
9909

Паркентда ИШИД варақаси тарқатган ўсмир 9 йилга озодликдан маҳрум этилди

Суд маҳкамалари Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги коллеж собиқ ўқувчиси Фирдавс Салимовни коллеж ҳудудида ИШИД варақаси тарқатганликда айблаб, ҳукм чиқарди.

Ўзбекистон телеканалида эфирга узатилган кўрсатувда маълум қилинишича, 18 ёшли Салимов Паркентдаги транспорт ва сервис коллежи ҳудудида ҳамда интернет орқали ўзининг ғаразли фаолиятини олиб борган.

"Унинг отаси ўғли коллежга кирганида, унга ноутбук сотиб олиб берар экан, ўғли интернет орқали хориж тилларини ўрганишини истаганди. Фирдавс эса интернетда террорчи ташкилотларнинг вакиллари домига тушиб қолди. Унга интернетдаги "дўстлари" доимий равишда кўрсатма ва топшириқлар бериб туришган", дейди Ўзбекистон Олий суди вакили.

Вакилнинг айтишича, Фирдавс Салимов экстремистик сайтлардаги қўлланмалар орқали варақалар ва ИШИД байроғи тайёрлайди. Кейин бир неча мактабдошлари билан тумандаги 29-ўрта мактаб, 18-рақамли мактабгача таълим муассасаси ҳамда ўзи ўқийдиган коллеж дарвозаларига шундай варақани ёпиштириб чиққан.

"У ўз тенгдошларига нималарга қодирлиги тўғрисида мақтаниб, барча қишлоқдошларини ларзага солишни исташи ҳақида айтиб юрган. Суд уни 9 йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди. Бундан ташқари у келтирилган маънавий ва моддий зарарни қоплаш учун 9 млн 935 минг сўм миқдорида жаримага тортилди", дейди суд вакили.

Салимов ўз қилмишларидан қаттиқ пушаймондалигини, катта хатога йўл қўйганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан, Тошкент вилояти, Паркент тумани ҳудудида жойлашган таълим муассасалари маъмурияти номига таҳдидли мазмундаги маълумотларни тарқатганликда гумонланиб мазкур туманда яшовчи вояга етмаган фуқаро ушланганди.

Top