23:41 / 25.10.2015
2904

Airbus раҳбари Германияни ўз меҳнат бозорини муҳожирлар учун мослаштиришга чақирди

Airbus раҳбари Германияни ўз меҳнат бозорини муҳожирлар учун мослаштиришга чақирди, деб маълум қилмоқда Reuters ахборот агентлиги. У муҳожирларга иш топиш ва жамиятга қўшилиб кета олишлари учун кўп миқдорда кам ҳақ тўланувчи иш ўринларини яратиш зарурлигини айтди.

Аввалроқ иқтисодчилар ва сиёсатчилар муҳожирларнинг катта оқими туфайли мамлакатда ишсизлик даражаси ошиши мумкинлигидан огоҳлантиргандилар. Бу муаммони ҳал қилиш учун Германия ҳукуматига энг кам иш ҳақини ўзгартириш ва кўпроқ қисқа муддатли шартномалар киритиш таклиф қилинмоқда. Бу чора шу билан боғлиқки, агар меҳнат бозорига кириш бўсағаси жуда баланд бўлса, унда муҳожирлар жамиятга нормал қўшилиб кета олмайдилар.

Ўз навбатида, бир қатор иқтисодчиларнинг фикрича, муҳожирлар оқими иқтисодиётнинг ўсишига туртки бериши мумкин, чунки улар ходимлар етишмаётган соҳалар, мисол учун, машинасозликда ишлашлари мумкин.

Аввалроқ немис полицияси касаба уюшмаси раҳбари Райнер Вендт Германия чегарасида тўсиқлар қуриш зарурлигини айтди. Унинг бу таклифи муҳожирларнинг мамлакатга келиши тўхтамаётгани билан боғлиқ равишда билдирилган.

Top