10:55 / 25.10.2015
3287

ОАВ: Япония Ҳиндистонга тезюрар темир йўл қуриш учун 15 млрд долларлик кредит таклиф қилди

Япония Ҳиндистонга унинг компаниялари томонидан Мумбай (Махараштра штати) ва Аҳмадобод (Гужорат штати) шаҳарлари орасида Ҳиндистондаги биринчи тезюрар темир йўл қуриш учун 15 млрд долларлик кредит ажратишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Ҳиндистон темир йўллари” давлат компанияси бошқарувчи директори А.К.Миттал журналистларга маълум қилди.

“Бир нечта япон компаниялари темир йўл қурилиши соҳасида бизга технологияларни беришни таклиф қилишмоқда. Бироқ биз ҳозирча технология ва молиялаштириш борасида фақат биттагина таклиф олдик”, деб Митталнинг айтган сўзларини келтирмоқда Economic Times нашри.

Кредит 1 фоизлик имтиёзли ставка бўйича таклиф қилинмоқда. Агар Ҳиндистон таклифни қабул қилса, унда у темир йўл учун 30 фоиздан кўпроқ ускуна, вагон ва локомотивларни япон компанияларидан сотиб олиши керак бўлади.

Ҳозирча Ҳиндистон тендер ўтказиш орқали темир йўлни ким қуришини танламоқда ва унинг натижаларини яқин орада эълон қилади. Тезюрар поездда икки шаҳар орасидаги 500 км дан зиёдроқ масофани босиб ўтиш вақти 7 соатдан 2 соатгача қисқаради.

Аввалроқ Хитой Нью-Деҳлидан Мумбайга (1,2 минг км) қуриладиган тезюрар темир йўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши устидаги ишларни якунлаган эди. Ҳозирча Пекин томонидан бу лойиҳанинг амалга оширилиши учун кредит тақдим қилиниши ҳақида гап очилмаган.

Top