20:27 / 28.10.2015
3942

Guardian: иқлимнинг ўзгариши Жануби-Шарқий Осиё иқтисодиётига зарба бериши мумкин

Иқлим ўзгариши билан ҳарорат ва намгарчиликнинг ошиши Осиё давлатларида меҳнат унумдорлигига таъсир қилиши мумкин, деб ёзмоқда Verisk Maplecroft компанияси тадқиқотлари маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда The Guardian нашри.

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, кейинги 30 йил ичида Жануби-Шарқий Осиё минтақасида меҳнат унумдорлиги 16 фоизга камайиб кетади. Ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши туфайли толиқиш, бош айланиши ва ташналикдан ўз вақтида ишга чиқа олмайдиган ишчилар сони кўпаяди. Шу жумладан, ўлим билан якунланадиган ҳолатлар кўпайиши мумкин.

Компания прогнозларига кўра, Сингапур ва Малайзияда унумдорлик мос равишда 25 ва 24 фоизга, Индонезияда – 21 фоиз, Камбожа ва Филиппинда – 16 фоиз, Таиланд ва Вьетнамда 12 фоизга камайиб кетади.

“Иқлим ўзгариши одамларда иссиқлик стресси юзага келишига олиб келади, бу миллий иқтисодиётлар билан бир қаторда ишчиларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатади”, деб ҳисобламоқда компания ходими Жеймс Аллан.

Тадқиқотчилар 1,3 минг шаҳардаги меҳнат унумдорлиги йўқотишларини ҳисоблаган ҳолда, 50 та энг катта хатарга учраши мумкин бўлган шаҳардан 20 таси Малайзияда жойлашган деган хулосага келишди. Ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши ва бунинг оқибатида юзага келадиган иссиқлик стресслари Куала-Лумпур, Жакарта ва Сингапурда катта миқдорда бўлиши эҳтимоли катта.

Компания бошқа юқори хавфга эга шаҳарлар орасида Испаниядаги Картахену, Колумбиядаги Барранкилью, Бразилиядаги Манаус ва Панамадаги Аррайхан шаҳарларини келтириб ўтди.

Top