22:39 / 28.10.2015
3235

Учинчи чоракда Хоразм вилоятининг ЯҲМ ҳажми 11,4 фоизга ўсди

Хоразмда жорий йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 337 миллиард сўмлик 1 минг 258 лойиҳа амалга оширилиб, 6,9 минг янги иш ўрни яратилди.

Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,4, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 33,8, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 40,8, жами хизматлар 13, бажарилган пудрат-қурилиш ишлари 9,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,4 фоизга ўсди.

Хоразмда 2015 йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилишида бу ҳақида алоҳида таъкиланди.

Вилоят ҳокими П.Бобожонов бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон президентининг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори юзасидан тузилган дастурга асосан 2013-2014 йилларда ва 2015 йилнинг 9 ойи давомида 271,1 миллион долларлик 277 лойиҳа амалга оширилиб, 8 минг 250 га яқин янги иш ўрни яратилди. “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти Хоразм филиали томонидан ҳисобот даврида 20 минг 667 “Damas”, 1 минг 315 “Orlando” ва 356 дона “Labo” автомобили ишлаб чиқарилди. “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган 10 янги корхонада “Damas” автомобили учун ўриндиқлар, ўрта ва майда турдаги деталлар, бампер ва штампланган деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ҳисобот даврида вилоятда туризмни ривожлантириш ва соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастурига асосан 100 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, 46,3 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди.

Жорий йилнинг 9 ойида мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, соҳага тижорат банклари томонидан 390,2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашга 177,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Хоразм вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Top