22:12 / 29.10.2015
5616

“Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ўтказилди. Унда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган йигирма саккиз мактаб директори ўзаро баҳслашди.

«Маҳоратли бошқарув – таълим самарадорлиги омили» шиори остида ташкил этилган мазкур анъанавий кўрик-танловнинг қуйи босқичларида етти юзга яқин умумтаълим мактаби директори фаол қатнашди. Кейинги босқичга йўлланма олган олтмишга яқин иштирокчининг «Келажак мактаби» концепцияси атрофлича ўрганилиб, мамлакат босқичига иштирокчилар танлаб олинди. Бунда уларнинг ташаббускорлиги, ижодкорлиги ва маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.

Педагоглар, мутахассислар томонидан дарс жараёнини кузатиб таҳлил этиш, педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини белгилаш, «Келажак мактаби» концепцияси тақдимот шартларига кўра баҳолаб борилди.

"Таълим-тарбия бериш, ўз синфидаги ўқувчилар келажаги учун жавобгарлик ўқитувчидан кучли билим ва масъулиятни талаб этса, раҳбар ходимнинг зиммасидаги вазифа ундан-да юксак бўлади. Бу мутахассисдан катта маҳоратни, ишга чуқур ижодий, илмий ёндашувни, ўқувчилар ва педагоглар жамоасининг руҳий ҳолатини яхши билишни, ўрни келганда қатъий чоралар кўришни талаб этади. Мазкур танлов бизнинг бу борадаги билим ва тажрибамизни синовдан ўтказди", – дейди Андижон вилоятининг Асака туманидаги 43-умумтаълим мактаби директори Гуллола Ғаффорова.

Ғолиб ва совриндорлар Халқ таълими вазирлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Top